Латифалар
Ойиси Болтавойдан сўрабди:
— Ошхонада икки бўлак торт бор эди. Ҳозир унинг бир бўлаги қолибди. Буни менга тушунтира оласанми?
— Албатта! Қоронғи эди, шунинг учун иккинчи бўлакни кўрмабман!

***
— Айтинг-чи, яхши қиз, илгари сизга ҳеч ким Мадоннага ўхшар экансиз, деб айтмаганми?!
— Йўқ, ҳеч қачон!
— Тўғри! Ўхшамас экансиз!

***
Бир ходим ишга келмабди. Шу вақтгача у ҳеч қачон кеч қолмаган экан. Иш бошлангандан уч соат ўтгач, бояги ходимнинг хотини қўнғироқ қилиб, эри вафот этганини билдирибди.
— Худога шукур-ей, — дебди бошлиқ. — Ҳар хил хаёлларга бораётувдим...

***
Фабрика директоридан сўрашибди:
— Маҳсулотларингизнинг нархи қанақа?
— Келишилган нарх.
— Буни қандай тушуниш керак?
— Биз жамоамиз билан келишиб, маҳсулотларимизни арзон сотмасликка қарор қилганмиз.

***
— Тартиб-интизом ва тозалик — ходимларимизнинг энг асосий шиори бўлиши керак, — дебди иш сўраб келган йигитга корхона бошлиғи. — Масалан, сиз бу ерга киришдан аввал оёғингизни артдингизми?
— Ҳа, албатта!
— Иккинчидан, биз учун тозаликдан ҳам муҳим жиҳат — ростгўйлик. Корхонамизнинг эшиги олдида пол латта йўқ-ку?!

***
Бир одам доктор ҳузурига келибди:
— Доктор, эшакдек ишлайман, чўчқадек овқатланаман, итдай чарчайман, нима қилишим керак?
— Менга эмас, дардингизни ветеринарга айтинг!

***
Пештоқида «КЎНГИЛ СИРИНГИЗНИ ГУЛ ЁРДАМИДА ИЗҲОР ЭТИНГ!» шиори осилган гуллар дўконига бир йигит кирибди.
— Менга бир дона атиргул беринг, — дебди у сотувчига.
— Атиги биттами?
— Ҳа... Мен жуда камгапман!

***
— Хотиним билан роса йигирма йил бахтли ҳаёт кечирдик...
— Кейин-чи?
— Кейин биз танишдик...
Категория: SMS Hazil sherlar | Добавил: MILLIONER (31.01.2017)
Просмотров: 6012 | Теги: Латифалар | Рейтинг: 4.0/24
Всего комментариев: 0