ИНСОФ БЕР!
Бир ўтинч сузадур ҳаёларимда,
Ғамгинлик ҳукмрон наволаримда.
Тинмай сўрайдурман дуоларимда:
Отамга инсоф бер, Парвардигорим!

Айтишга тилларим бормас нетайин?!
Қўрқаман, тик боқиб қўйишим тайин!
Лек юрак сиқилар кун ўтган сайин,
Отамга инсоф бер, Парвардигорим!

Номардлик сари қўл тутмасман асло,
Ҳақ қўйган сарҳаддан ўтмасман асло,
Зиёда меҳрни кутмасман асло,
Отамга инсоф бер, Парвардигорим!

Аламлар дастидан куйиб ёнди дил,
Ҳаммасин айтишга дош беролмас тил!
Дўстлар даврасида бошимни тик қил -
Отамга инсоф бер, Парвардигорим!

Кўз ёшимни тўкдим жазо ўрнига,
Раҳматларинг юбор сазо ўрнига!
Суянчиқ бўламан асо ўрнига,
Отамга инсоф бер, Парвардигорим!

Ишонч йўқ дунёда йўқдир беғубор,
Ҳолимга кулгувчи неча минг кўз бор.
Олтмишдан ошганда айлама абгор -
Отамга инсоф бер, Парвардигорим!

Ҳаммаси қўлингда, Ўзинг билгансан!
Кимга меҳр бериб, кимдан кулгансан!
Қизин кўмган зотни Умар қилгансан,
Отамга инсоф бер, Парвардигорим!

Қиёмат тонгида оҳлар урмасин,
Белгиланган жойин йиғлаб кўрмасин,
Абу Толибларга сафдош турмасин,
Отамга инсоф бер, Парвардигорим!

Гулгун чеҳрасини кўрганда боғда
Маломат қилганлар қолсинлар доғда!
Йиғлаблар тўймасин Каъбатуллоҳда
Отамга инсоф бер, Парвардигорим!

Оқсоқол бобога ўхшаши учун,
Лаган ости ошин ошаши учун,
Волидам одамдек яшаши учун
Отамга инсоф бер, Парвардигорим!

Эшит бу бандангнинг ғариб тилагин:
Кўнгил ўтинчини Ўзинг қўллагин,
Юбормасдан туриб Ўлим малагин
Отамга инсоф бер, Парвардигорим!
Категория: SMS Ota-Ona haqida sherlar | Добавил: MILLIONER (20.04.2017)
Просмотров: 948 | Рейтинг: 1.0/1
Всего комментариев: 0