ОХИРГИ ОҚШОМ
Бугун кузнинг сўнгги оқшоми,
Хазон билан тўкилар изҳор.
Бир кеча... ва эртасигаёқ
Ҳаммаёқни қоплаяжак қор.

Бугун куз ва охирги оқшом,
Дарахтлар жим, барг сеҳрланган.
Туш кўрамиз олти соатлик,
Уйғонамиз, куз ўғирланган.

Бугун ўша кузнинг охири,
Ажратади биргина қадам --
Қиш заҳрини ўйлаган сайин
Кўз юмишга қўрқади одам.

Лекин қишдан ўтмаса бўлмас,
Босилмаса бўлмайди оқ қор.
Фақат шуни ўйлабгина мен
Кўз юмаман амаллаб, баҳор.
Категория: SMS Sevgi sherlari | Добавил: MILLIONER (16.12.2017)
Просмотров: 1653 | Рейтинг: 5.0/3
Всего комментариев: 0